Кечаси уйқуси қочиб боғда сайр қилиб юрган қиролича Елизавета II ни танимаган Букенгем саройи қўриқчиси унга қарата ўқ узмоқчи бўлди, деб хабар берди "Gazeta.ru” нашри.
Бу ҳақда гвардиячининг ўзи маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, қироличанинг кечаси уйқуси қочган ва елкасига пальтосини ташлаб, айлангани чиққан.
Сарой ҳудудини қўриқлаётган қўриқчи қоронғиликда кўринган шарпага қарата ўқ узмоқчи бўлган ва "Ким у?”, деб бақирган. Маълум бўлишича, нотаниш шарпа — қиролича бўлган.
"Жин урсин! Жаноби олиялари сизга қарата ўқ узишимга бир баҳя қолди!” деб қироличага юзланган қўриқчига Елизавета II : "Ҳечқиси йўқ, ҳаммаси жойида! Келаси сафар ҳовлига чиқадиган бўлсам, қўнғироқ қилиб, огоҳлантираман, шунда мени отмайсиз”, деб жавоб берган.
Нашр воқеанинг айнан қачон рўй бергани ҳақида аниқ маълумот бермаган.