www.BePuL.NeT
SAHIFALAR
Бесплатные анимационные смайлики для одноклассники.ру [409]
YANGILIKLAR / ЯНГИЛИКЛАР / HABARLAR / AXBOROT [4976]
Новости Узбекистана, Политика, Экономика, Права [115]
HIKOYALAR / ХИКОЯЛАР [632]
SEVGI HIKOYALARI / СЕВГИ ХИКОЯЛАРИ / AYANCHLI SEVGI HIKOYALARI [436]
Любовные истории, истории любви, рассказы о любви [228]
FUTBOL YANGILIKLARI / Новости футбола [2459]
SHOU BIZNES YANGILIKLARI / ШОУ БИЗНЕС ЯНГИЛИКЛАРИ [4050]
YULDUZLAR BIOGRAFIYASI / ЮЛДУЗЛАР БИОГРАФИЯСИ [44]
DUNYO YANGILIKLARI / ДУНЁ ЯНГИЛИКЛАРИ [7559]
O'ZBEKCHA KINOLAR / УЗБЕКЧА КИНОЛАР [879]
Смотреть онлайн бесплатно в хорошем качестве / Фильмы HD онлайн смотреть [3407]
HIND KINOLARI ONLINE / Индийские фильмы онлайн [182]
TURKCHA SERIALLAR / ТУРКЧА СЕРИАЛЛАР / Турецкие сериалы онлайн на русском языке. Смотреть турецкие [221]
MOBIL TELEFONLAR UCHUN / МОБИЛ ТЕЛЕФОНЛАР УЧУН [293]
Foydali maslahatlar / Полезны советы [1623]
Заработок в интернете / Pul ishlash [19]
Pazandachilik / Кулинария [298]
BAXS - TORTISHUV / FIKR MULOHAZA [1857]
BEPUL MP3 KO'CHIRIB OLISH / БЕПУЛ МП3 КУЧИРИШ [3057]
Восстановление данных - Программы [15]
Смотреть сериал великолепный век все серии на русском языке [17]
БИТВА ЭКСТРАСЕНСОВ || У НАС ВСЕ СЕРИИ / Битва экстрасенсов смотреть онлайн / Битва экстрас... [27]
Страница Женских Побед. Все возможно! Гороскоп знаки зодиака, Как удержать мужчину, Характеристика [48]
Tush tabiri / Туш табири / Tush Tabiri kitobi [65]
MUCHALLAR HAQIDA MA'LUMOTLAR / МУЧАЛЛАР ХАКИДА МАЛУМОТЛАР [17]
BEPUL ODNOKLASSNIKI SIRLARI / БЕПУЛ ОДНОКЛАССНИКИ СИРЛАРИ / Секреты сайта Одноклассники.ру [76]
TAS-IX KINOLAR / Смотреть кино онлайн в Tas-Ix / KINOLAR TAS-IX [18]
ПРОГРАММЫ - Скачать бесплатные программы / KOMPYUTER UCHUN PROGRAMMALAR KO'CHIRISH [6]
ПРОГРАММЫ - Скачать бесплатные программы / KOMPYUTER UCHUN PROGRAMMALAR KO'CHIRISH / ПРОГРАММЫ. Скачать программы бесплатно / Бесплатные программы для ПК / Каталог бесплатных программ для компьютера / Программы для персонального компьютера / Скачать бесплатно программы для ПК
Jahon Chempionati 2014 VIDEO TAMOSHA / ONLAYN KO'RISH / JCH 2014 GOLARNI KO'RISH / ЖЧ 2014 Т... [73]
Jahon Chempionati 2014 VIDEO TAMOSHA / ONLAYN KO'RISH / JCH 2014 GOLARNI KO'RISH / ЖЧ 2014 ТАМОША КИЛИШ
Статистика





waplog

Онлайн всего: 33
Гостей: 32
Пользователей: 1
AndreyOr

Kun faolllari:
iphone, Andrewcrof, ChristyanOn, Joaquinjips, AndreyPamepreope, Arturikcofe, AristokratPamepreope, AndreyOr, Tamaralode, AlPamepreope, Arrurioulk, AlonzoEn, Alfredrert, VladimirEn, PiterPow, robbienb2, teresamj1, gwendolynpb60, yvonnezw3, SamuelMody, NikollMody, GuestPhamn, carawi11, flossiean4, lelace18, tanyauq1, NiklOr, Travisneons, kurasov1965S, JamesJen, JamesJaito, [Полный список]

Faol izohchilar:
1) ipod
Saytdagi statusi: 
Izohlar soni: 139
2) bepul
Saytdagi statusi: 
Izohlar soni: 104
3) iphone
Saytdagi statusi: 
Izohlar soni: 37
4) bevafo
Saytdagi statusi: 
Izohlar soni: 26
Saytdagi statusi: 
Izohlar soni: 26


Главная » 2017 » Июнь » 29 » Мистика: Жарликда ўқилган никоҳ

18:52
Мистика: Жарликда ўқилган никоҳ
Бу воқеани менга сўзлаб беришаётганидаёқ, замонавий оғзаки ижодга мансуб мистик воқелик эканини пайқадим. Одатда оғиздан-оғизга кўчиб юрадиган сирли ва қўрқинчли воқеалар мистикага йўйилади. Эҳтимол, шундайдир, аммо мен қишлоқ четидаги жарликда ўқилган никоҳ ҳақида эшитиб, унда бошқа бир нарсани кўрдим. Айтмоқчи бўлганим, рамзийлик ортидаги тарих эди.

* * *

Воқеа оқ эшак минган оқ соқолли бир чолнинг аллақаёқдан келиб, сой яқинидаги сўқмоқдан ўз қишлоғига ўтиб кетаётганидан бошлангандек туюлади кишига. Ўша дамда қоп-қора булут шимолдан пайдо бўлди-да, қишлоқ устида тўхтаб қолди. Сой бўйида мол боқиб юрган болалар ёмғир шаррос қуйиб беришини англаб, қўй-молларини қишлоққа ҳайдаб қочдилар. Фақат уч қиз бир-бирларига сирларини айтиб, булоқ бошида узоқ қолиб кетишди. Улар ёмғир нафасидан эмас, томирларида жўш ураётган телбавор ишқдан маст эдилар. Ҳар бири наргиз гули каби ўзига маҳлиё эди, ҳар бири фақат ўзи бахтли бўлишига, фақат ўзи ҳақиқий муҳаббатига эришишига ишонарди.

– Қаёққа кетаяпсизлар, она қизларим? – деб сўради оқ соқолли бобо улар ҳали булоққа тушмасларидан бурун.

– Булоқ бошига тушмоқчимиз, – деб жавоб беришди қизлар. – Ҳув анави ерда, пастликда, шундоққина сой бўйида булоқ бор.

– Қишлоқда бирорта эркак йўқми қудуқ-пудуқ қазиб, сув чиқариб берадиган?

– Артезиандан сув чиқиб турганди. Лекин бугун свет йўқ, демак, сув ҳам йўқ-да, бобожон.

– Йўқ-йўқ дейсизлар, – эшагини тўхтатди чол. – Айб кимда?

– Айб? – кулиб юборишди қизлар. – Шу ҳам айбми? Умуман олганда, айб бизда эмас.

– Сувнинг йўқлиги маданиятнинг орқага кетиши, – деди чол. – Сизлар эса шу маданиятнинг орқага кетишини янада тезлатиб пастликка қараб тушаяпсизлар. Сувни қишлоқдан топа билиш керак. Ақлни ишлатинглар.

– Раҳмат, бобожон, сувни келгуси сафар қишлоқдан топамиз, – деб қизлар ғалати чолни ортда қолдириб, сой томон чопқилаб кетишди. Чол ҳам ўз йўлида давом этди.

Хурсандой рўмолини ечиб, қайтадан танғиди. Лойқаланиб оқаётган сойга, сўнг булутларга кўз югуртирди. Сойнинг нариги томонидаги тепаликда ташвишли манзарани кўрди: ҳозиргина ўйнаб юрган бола ва у боқаётган қизил сигир ҳам тепалик ошиб, кўздан йўқолган эди.

– Ҳамма қочиб кетди, – деди Райҳон пешонасини тириштириб. – Ёмғир ёғмасдан биз ҳам чорамизни кўрайлик, дугонажонлар.

Дўнглик устида ўтирган Хурсандой ўрнидан туриб, чор тарафга кўз югуртирди.

– Ёмғирда қолсак борми, йўл шилтага айланиб, бу қияликдан чиқолмай қоламиз.

– Кетдик, – дея Райҳон челакларига қўл узатди.

Сой сувига термулиб ўтирган Осиё сойнинг нариги томонидаги, шимолроқдаги қамишлар билан тўсилган жарликка сеҳрланганча қараб қолди.

– Узоқ-узоқларга кетгим келаяпти, – деди у.

– Кетмай ўл! – бирдан тутақди Хурсандой. – Ёмғир ёғса, тепага чиқолмай, сой бўйида қолиб кетасан деяпман! Бояги оқ эшак минган бобо бекорга бизнинг овлоқда юришимизни ёмон кўрмади.

Улар челакларини кўтариб, тепалик сари юришди. Шу пайт осмон қарсиллаб ёрилди-ю ёмғир шаррос қуйиб берди. Булоқ бўйидан тепалик бошигача юз қадамча юқорилаш керак эди. Қизларнинг қаршисидан сариқ лой аралаш сув оқиб келди. Учаласи ҳам бирин-кетин тойғониб йиқилди.

– Энди нима қиламиз, қизлар, – йиғламсиради уст-боши лойга беланган Осиё.

Ёмғир кучайди. Сой қутуриб тошиб, булоқ жойлашган «ярим орол»ни ҳам сув босиб, учаласини оқизиб кетадигандек эди. Қизлар челакларини ташлаб, ўзларини қутқариш пайида юқорига қўшқўллаб тирмашдилар. Сўқмоқ четидаги янтоқ илдизлари жонга ора кирадигандек туюлар, аммо қорин билан ётиб ҳам юқорилаб бўлмасди. Ёмғир челаклаб қуя бошлади. Теварак қуюқ булутлар соясида янада ваҳимали манзара касб этди.

Шунча ваҳима етмагандек сой суви ҳақиқатан ҳам ўзанидан тошиб чиқди. Булоқнинг тип-тиниқ кўзи бир зумда лойқа бўтана остида қолиб, челакларни ямламай ютиб юборди. Сув уч қизнинг нақ оёқлари остида мавжланарди. Шўрликлар сўқмоқ пойида ерга қапишганча қичқиришар, ёрдам сўрашар, лекин қишлоқ тепада қолган, сой бўйида не воқеалар юз бераётганидан дунё аҳли бехабар эди.

Нимадир ялт-юлт этди-ю сойнинг нариги томонидаги тол ловиллаб ўт олди. Қизлар энди эсдан оғиб қолгандек чинқиришар, жон ҳолатда юқорига талпинишар, аммо лой оқимига қўшилиб, яна эски жойларига қайтиб тушишарди. Ундан ҳам пастроққа сирғаниб кетишса борми, бўтана остида қолган «ярим орол»да ҳукм сураётган тошқин ютиб юбориб, ҳалок этиши ҳеч гап эмасди. Пода боқадиган болалар бу ерни бекорга «Чиқолмас сой» деб аташмас экан.

Ҳар бир қизнинг кўзига фақат ўз жони кўринди. Ўлим шарпаси чарх урди. «Ўлдим» деб ўйлади ҳар бири. Оқ соқолли чол ҳам аллақачон бу ерлардан узоқлашиб кетганди.

Шу лаҳзада Осиёнинг қулоғига сой томондан овоз эшитилгандек туюлди. Кўп ўтмай овоз такрорланди ва кимдир майин оҳангда чўзиб-чўзиб: «О-си-ё-ё! О-си-ё-ё!..» деб чақирди. У қалт-қалт титраган кўйи қутуриб оқаётган сойга тикилди: ҳеч кимни кўрмади.

– Мени биров чақираяпти, – деди у жони бўғзига келиб.

Қизлар унинг гапини эшитмади.

– Чақираяпти! – ҳўнғраб йиғлади Осиё.

У даҳшат ичра яна ортига ўгирилганида, ёнаётган дарахт ёнида қўл силтаётган, аниқроғи, имлаб чақираётган йигитни кўрди. Оқ кўйлак, қора шим кийган, бошида дўппи, худди куёв йигитга ўхшарди. Қўлида қандайдир қизил мато бор эди.

Осиёнинг қўллари шалвираб, кўзининг оқи кўринди.

* * *

Кўзини очганида табиат сокинлик қўйнида дам оларди. Осиё жарликдан ўпирилган тупроқ уюмини қучиб ётарди, ярим белигача лойга кўмилган. Қуёш ботиб, қоронғилик бостириб келмоқда эди. Хурсандой ҳам, Райҳон ҳам кўринмас, аллақаерда қурбақалар вақилларди.

– Осиё!.. – деган овоз эшитилди яна.

Қиз овоз келган томонга қўрқув тўла нигоҳини қаратди. Сойнинг нариги қирғоғидан йигирма чоғли одам ўтиб борарди. Чопон, маҳси-калиш кийиб олган бу кишилар кўзларини ердан узмай, бир текис қадам ташлар, на сўзлашар, на тиқ этган садо чиқарар эди.

Йигит куйган дарахт ёнидаги кичик дўнглик устида турарди. Қиз ҳушига келганидан суюниб, дарҳол сойни кечиб ўтди.

– Сен уларнинг энг чиройлиси экансан, – деди йигит, – севиб қолдим. – Шундай дея у Осиёнинг билагига қизил латта боғлаб қўйди. – Бу келажакда керак бўлади.

– Нима? – Осиёнинг боши ғувиллади. – Кимсиз?

– Бизникига юр, кейин гаплашамиз, – деб йигит Осиёнинг қўлидан етаклаб, жарликка элтувчи қамишзорга бошлади.

Бу ерда сўқмоқ борлигини қиз билмаган эди. Икки томонда жарлик деворлари энкайиб турар, сой қамишлар билан тўсилиб орқада қолган, олдинда қандай уй ёки қишлоқ бўлиши мумкинлигига Осиёнинг ақли етмасди. Ахир, бу жарлик икки қишлоқнинг ўртасида жойлашган бўлиб, бир учи қабристонга туташиб кетганди.

Осиё қичқирай деса овози йўқлигини, юрмайин деса оёқ-қўли ўзига бўйсунмаётганини англаб, «туш кўраяпман шекилли» деб ўйлади.

Ниҳоят, бир кулбанинг рўпарасидан чиқишди. Осиёнинг қулоғига ит акиллагани, қўй маърагани эшитилгандек бўлди, лекин кулбадаги чироқ ёруғидан лип этиб ўтган соядан бўлак тирик жон аломати кўринмади. Назарида, қўйлар кўп эди, лекин маърашга қўрқишаётганди.

Уйдан мой иси келарди. Осиё жажжи қизалоқлик вақтида момосиникига борганини, чол-кампирнинг эски уйи худди шунақа эканлигини эслади. Ширин ўтмиш ортда қолиб кетган эди.

– Ўтиринглар, – деди кулбадаги қора соқолли мулла. – Ким бўлишларингдан қатъи назар, никоҳ ўқиш вожиб. Биз барибир мусулмонмиз. Партия, инқилоб, исён, ҳатто анави қизил мато ҳам никоҳ ўқимасликка сабаб бўлолмайди.

– Ҳа, бизга никоҳ ўқисангиз, – сўзлади йигит. – Бу ернинг одати шунақа экан, нима ҳам дердим.

– Қўлдан келганича, – деди мулла ва сўради: – Шу ерда яшашга розими?

– Розимисан? – тикилди йигит Осиёга.

Осиё йигитнинг юз-кўзини аниқ-тиниқ кўрди: рангида қон йўқ, кўзлари шиша мисоли жонсиз, совуқ ва нурсиз. Лаблари ёрилган. У оғир гуноҳ ишга қўл уриб, қарғишга қолган эди, чамаси. Бироқ қандай гуноҳга ботганини билиш даргумон эди.

– Розимисан? – сўради мулла ҳам.

Осиё фикр-хаёлини жамлашга уринар, айнан нимага розилик бериш кераклигини тушунмас, нуқул «келин-куёв мулланинг қаршисида уялиб, гапирмасдан ўтириши лозим» деб ўйларди. Эркинлик қўлдан кетган эди. Ихтиёри қандай қайтиб келишига ҳам онг-тафаккури етмаётганди. Қўйларнинг туёқларидан чиққан дупур-дупур эшитилгандек туюлди. Чўпондан умид йўқ, афтидан чўпон ҳам шу йигитнинг ўзи эди.

Кейин жарлик тагидаги кулбага оқшом пайти нотаниш йигит билан бирга келганлигини ўйлаб, вужудини яна қўрқув эгаллади. Мулла эса пичирлаб алланималарни ўқий бошлади. «У никоҳимни ўқияпти, тамом, энди бир умр шу йигитнинг хотиниман, ҳаётим жарликда ўтади», деб ўйлади Осиё.

Косадаги сув жимирламоқда, ниманингдир акси пайдо бўлмоқда эди. Осиё косадан кўз узмади ва анча йиллар бурун вафот этган момосининг «қани айт» дея ундаётган сиймосини кўрди. Марҳума момоси қачон шу ҳолатни намоён қиларди, Осиёнинг ёдига келди: ҳа, кампир бечора калимани ўргатаётган чоғида…

– Ла илаҳа илаллоҳ, – деди қиз.

Кимдир ингради, мулла қиёфали қария пичирлашдан тўхтади.

– Мен сизларни танимайман, – тилга кирди Осиё, – ихтиёрим ота-онамда. Уларнинг розилигини олмасдан, танимаган-билмаган йигитга, тўйсиз, гувоҳсиз никоҳланиш…

Осиёнинг гапи бўғзида қолди. Йигитнинг чап кўкси қонга бўялиб кетган эди.

Осиё чинқириб юборди-да, кулбадан отилиб чиқди. Янтоқларга, жийда томирларига чалиниб, йиқила-йиқила сой бўйига югурди.

– Менинг исмим Асад! – ингроқ товуш таъқиб қилди қизни. – Қулоқ сол, бу ердан чиқиб кетолмайсан, чунки сен ўлгансан!

Қиз жавоб бермади. Юқорига қараб жар лабини, порлаётган юлдузларни кўрди; тракторнинг тариллашини, олисдан кимнингдир «Борми?!» деб бақирганини эшитди.

– Яқинлашманг менга, яқинлашманг! – йиғлади қиз, кейин дод солиб ёрдамга одам чақирди.

Кўп ўтмай оёғи ботқоққа ботиб, юзтубан йиқилди.

– Ёмон йигит эмасман, – деди Асад оғир касал каби. – Менга никоҳланган хотин керак… Кел, эй гўзал қиз, ёрим бўл. Никоҳни охиригача ўқитаман. Розилик бер. Сен ўзинг эгасиз қандай яшайсан?.. Меники бўл…

Осиё ички бир идрок билан англадики, бу йигит уларни булоқ бошида кузатган, пайт пойлаган, «совчи келса, турмушга чиқардик» деб алжирашларини тинглагану дуч келган йигитга розилик бериб юборади, деган хаёлга борган.

– Дугонамга уйланинг, – деди Осиё. – Хурсандойнинг севган йигит йўқ, у рози бўлади.

Асад жар деворига суяниб, чуқур-чуқур нафас олди.

– Кўнгил қўйган йигитинг борми? – деб сўради у.

– Ҳа, – бошини кўтарди Осиё.

– Хурсандой келадими?

– Келади… Ўзим таништираман, – деди Осиё таъқибчидан халос бўлиш имконини йўқотмаслик учун тиришиб. – Алдаб бўлсаям олиб келаман, менга ишонинг. Фақат мени тинч қўйсангиз бас, оғажон!

– Қасам ич!

Қиз онт ичди. Шундан сўнг йигит деди:

– Етти кундан кейин эрта тонгда булоқ бошида…

* * *

Осиё кимдир кўтариб олганида ҳушига келди. Етти-саккиз кишини, қўл фонарларини, трактор ёнида йиғлаётган аёлларни кўрди.

– Болам… Болажоним!.. – онасининг овози унга яқинлашди.

Осиё ўзини кўтариб кетаётган эркакнинг худога шукрона айтаётганини эшитди, нигоҳида юлдузли осмон жо бўлди, димоғига сойнинг салқин эпкини урилди. Ҳаммаси яхшилик билан тугагандек, жарликдаги йигит чиндан-да оғалик қилгандек туюлди.

Уч кун даволанди. Уни булоқдан анча қуйидаги лой ботқоғидан топиб олишибди. Сой қирғоғининг ўпирилиб тушишидан ҳосил бўлган митти оролчага қизнинг илакишиб, ботиб қолиши омади эмиш, акс ҳолда чўкиб ўларкан. Икки дугонасининг айтишича, «мени биров чақираяпти» дейиши билан кимдир этагидан тортгандек сув ичига сирғалиб кириб кетибди, кейин сой ўртасида оқиб бораётганини кўрибдилар. Дугоналари бир амаллаб ажал комидан қутулиб, фалокат ҳақида қишлоққа хабар беришибди.

– Хурсандой, – деди Осиё, – булоққа бирон кун борамиз. Йиқилган жойимизни кўрмоқчиман.

– Қишлоқда ҳалигача сув йўқ, Чиқолмас сойга одамлар ноилож сувга боришаяпти, – гапни илиб кетди Райҳон. – Биз лойда тойғонган эниш жойни кетмонча билан қазиб, зинапоя қилиб қўйишибди. Одамлар булоқ бошига осон тушиб чиқсин, дейишган-да.

– Сойнинг суви пасайибдими?

– Шундай пасайибдики, ўртасидаги тошлари ҳам кўриниб ётибди, – Райҳон бамайлихотир қўл силкиди. – Кеча аям яна сувга боришимга рухсат берди. Биз иштонларимизни тиззагача кўтариб, сув кечдик, қўшиқ айтдик. Жала қуймаса, яхши жой, дугонажон.

– Қайси қўшиқни? – Осиё гавдасини туйқус кўтарди. – «Ёр-ёр», севги-муҳаббат эмасми?

– Бошқа қўшиқни нима қиламан? – қошларини қоқди Райҳон. – Қизиқсан-да!

– Бу эрсираб қолган, – дея Хурсандой унинг елкасига ҳазилона мушт урди.

– Мен-ку ҳолимни биламан, – бўш келмади Райҳон, – худога шукр, шоир йигитим коллежни тугатса, совчи юборади. Сенга ҳозирча рухсат беришмайди-да, а, Осиё? Борганингда қамишзордан чиққан овчи йигитни гапга олардинг. Хурсандой билан сенинг йигитинг йўқлиги аслида фожиа. Чунки келажакни ўйлайдиган вақтимиз келган. Йигитинг бўлса яхши-да. Ҳимоя қилади.

Осиёнинг юраги гупиллаб уриб кетди. У қандай қилиб бошини кўрпага буркаб, йиғлаб юборганини билмай қолди.

– Сенга нима бўлди, Осиё? – сўрашди икки дугона бир-бирига қараб олиб.

– Қўрқаяпман… Уни гапирма… Гапирма уни…

– Ҳазиллашдим, Осиё, ҳазиллашдим, – юпатган бўлди Райҳон. – У овчи эмас, Мамат чўпоннинг ўғли эди. Иккита эчкиси қабристон этагидаги жарликка тушиб йўқолган экан. Чўпон йигит сой томондаги қамишзордан кириб ҳайдаб чиқибди. Ўл-э, йиғлама, юрагимни ёрдинг! Нима бўлди сенга, Осиё?

Хурсандой ёлғоннинг чуви чиқдими дегандек Райҳонга тилини кўрсатди.

– Бўлди, сой бўйига умрбод бормайсан, қутулдинг, – деди Райҳон.

Бироқ Осиё берган ваъдасини эслаб, ўйга толди. Сўнг:

– Бораман, фақат Хурсандой билан, – деб пичирлади.

Еттинчи куни эрталаб – пода қўшиладиган пайт Осиё ва Хурсандой бўш челакларини кўтариб тепалик ёнбағридаги сўқмоқдан сойга тушдилар. Ҳақиқатан қияликни кетмон билан ўйиб, қўлбола зинапоя ясагандилар. Булоққа яқин қолишганида уйқусираган Хурсандой норозилигини ифодалади:

– Бунчалар эрта келишнинг нима хосияти бор, тушунмадим? Уйдагилар яна шу ерга келганимизни билса, ўлдиради.

– Юравер, сени бир йигит билан таништираман, – деди Осиё.

– Нима дединг? – ҳайратланди Хурсандой. – Шу гап сендан чиқаяптими, Осиё? Эрта-саҳарда, сойда, йигит билан учрашув… Ё туш-пушингга кирдими?

– Юр, нега тўхтадинг?

– Осиё, у йигит ким? Қачон кўрдингу қачон танишдинг? Фақат тўғрисини айт.

– Сувга оққан куним, – йиғламоқдан бери бўлди қиз. – Сен билан таништираман деб қасам ичдим, илтимос, юра қол. Балки у қўшни қишлоқлик Асаддир. Исмим Асад деди.

Хурсандойнинг кўзлари ярқ этиб очилдию ёқасига туфлади.

– Қўшни қишлоқда Асад деган йигит йўқ… Бор эди, лекин у ўлиб кетган.

– Танийсанми, Хурсандой? – ажабланди Осиё.

– Анча йиллар олдин ўлган. Сал камроқ, боши айланганроқ йигит экан. Унинг отаси рус бўлган. Бобомдан кеча эшитдим, шу вақтгача ҳеч кимга айтмаган бир сирни айтдилар. Бир замонлар, яъни ўша Асаддан эллик-олтмиш йил аввал шу атрофда бошқа бир Асад деган йигит тўйидан бир кун аввал ўлдирилган экан. Бобом ёшлигида нариги қишлоқдан қайтаётганида унинг арвоҳини кўрибди. Бобомнинг орқасидан «Никоҳ ўқишни биласизми? Қиз топдим, беникоҳ қолсак улар ўлдиришади, ана, келаяпти!» деб ялиниб-ёлворибди. Аммо Асадни бобом элас-элас билгани учун «Нари кет, сен арвоҳсан» дея қочиб қолибди. Биласанми, «кимдир чақираяпти» деган гапингни бобом эшитиб, «бечоранинг арвоҳи ҳалигача безовта экан-да» деди. Биз «Кимнинг?» деб сўрадик. Кейин бизга ўша воқеани сўзлаб берди.

– Ёлғон! – Осиёнинг юзи докадек оқариб кетди.

– Ёлғон бўлса айт-чи, сувга тушиб, ҳушингни йўқотган ҳолингда тирик одам билан гаплаша оласанми? Тирик одам ёрдам берарди, қишлоққа келиб, қаерда ётганингни айтарди. Осиё, кетайлик! Сен арвоҳни кўрганга ўхшайсан. Бобомнинг гапини афсона деб ўйлаган мен аҳмоқ…

Шу пайт булоқ томондан «Ҳўв қизлар!» деган чақириқ эшитилиб, иккови ҳам сеҳрланиб қолишди. Бир-бир қадам ташлаб, қияликка яқинлашишди ва сойдан кўтарилаётган саҳарги ҳовур ичидан оқ кўйлакли йигит чиқиб келди.

– Бу ёққа туш, гаплашамиз, – имлади Асад мулойимлик билан.

«У арвоҳ эмас, оддий йигитга ўхшайди, – ўйлади Осиё. – Қайси биримизни чақираяпти экан?»

– Бу ёққа кел… – Йигитнинг овози сой бўйига акс-садодай таралди: – Бу ёққа кел… Бу ёққа кел…

– Сени чақираяпти, – Осиё дугонасининг билагидан тутиб, олға силтади.

Қўрқиб кетган Хурсандой қичқириб юбордию ғайритабиий равишда қияликдан сирпаниб, челаклари билан бирга булоқ бошига думалади. Осиёнинг назарида, у сойга тушиб чўкиб ўладигандек эди.

Осиё қишлоққа қочди. Қўй боқиб юрган Мамат чўпон қичқириқни эшитиб, шошиб келаётган эди, қиз сойга ишора қилиб «дугонам, дугонам…» деб йиғлади. Чўпон лапанглаб югурди, аммо булоқ атрофида ҳеч кимни кўрмади, челаклар думалаб ётарди, холос.

Юз берган ҳодисадан бохабар бўлган одамлар яна сой бўйига жўнашди. Бу сафар ўкингандан сўкинган кўп эди. Улар қўлларидан бир иш келишидан кўра иш келмаслигини сезиб асабийлашардилар. Тинч кун яхши эди-да. Тинчликка нима етсин.

Осиё ҳам сирли йигит ҳақида энди гапириб ўтирибди. Биров Асадни арвоҳ деса, бошқаси «туман марказидан келган ондатра овчиси» дерди. Айтишларича телпакчи йигитларнинг айримлари гиёҳванд экан, овлоқда якка-ёлғиз юрган қизларни аврар эмиш.

Сой бўйининг тит-питини чиқаришди. Жарлик ҳам текшириб чиқилди. Баъзилар Хурсандойнинг чўкканига ишона бошлаган пайт қабристон тарафдан бир бола эшагини чоптириб келди.

– Мамат бова! – яқинроқдаги чўпонга мурожаат қилди у. – Хурсандой опам мозорнинг ёнидан ўтиб, қишлоққа кетибди, қоровул айтди.

Халқ тушундики, Хурсандой жарлик тубидаги сўқмоқдан юриб, нариги бошидан, яъни қабристон томондан чиққан. У тирик. Бундан чиқди, бу бир ўйин.

* * *

Райҳон тонгги фожиани эшитиб, «дугонажоним» дея кўча эшикка юрдию Хурсандойга тўқнашиб кетди. Бир лаҳза гапиришни ҳам, гапирмасликни ҳам билмай тикилиб қолди. У Хурсандойни ўлди деб ишониб бўлганди.

– Тинчликми, Хурсандой? – сўради Райҳон тутилиб. – Ёмон гаплар эшитдим…

Хурсандой дугонасини бағрига маҳкам босди, кўз ёшлари Райҳоннинг бўйнини куйдирди.

– Осиёга ҳазил қиламан деб балога қолдим, – деди қиз қайғуриб. – Тунов куни оқиб кетганида арвоҳ билан гаплашган эмиш. Мени атайин эргаштириб борди. Ўзинг ўйла, дугон, шунақа нарсаларга ишонаманми? Бундай қарасам, «район»дан келиб-кетиб юрувчи ондатра овловчи йигит юрибди. Бир гал у билан гаплашгандим…

– Вой, телпакчиларни ёмон йигит дейишади-ку, – ортига тисланди Райҳон.

– Билмасам, менга ёқувди.

– Писмиқ! – деди Райҳон дугонасини ичкарига бошлаб. – Кўйлагинг лой бўлиб кетибди-ку. Кир ичкарига! Нима ишлар қилиб қўйдинг?

– Бу ёққа келишимнинг сабабиям шу. Тоза кўйлагингни бериб тур. Ҳеч нима бўлмади, йиқилиб тушдим, холос. Ҳозир уйга борсам, акамлар уришади. Осиё юр деганига эрталабдан сувга боргандим. Уйдан сўроқсиз чиққанман.

– Қишлоқ шов-шув бўлиб кетди. Уриш эшитмасдан қолмайсан энди, Хурсандой.

– Ўша йигит билан гаплашиб турсам, Осиё одамларни чақириб кеп қолди. Мени «чўкди, ўлди, арвоҳ урди» – ҳар бола деган-да, яшшамагур. Шарманда бўлмаслик учун жарликдан тубидан қочиб, қабристондан чиқдик, қара аҳволимга.

Райҳон енгил тортди, ҳарҳолда, дугонаси тирик, мана қаршисида турибди. Аммо Хурсандойнинг қовоғи ҳамон очилмаганди. Кўйлагини алмаштираётиб ҳам Райҳонга маъноли-маъноли қараб қўйди.

– Дугонажон, – деди ниҳоят сирли тарзда, – «талоқ» дегани нима?

– Шуниям билмайсанми? Эр хотинидан ажралиш учун «талоқсан» дейди. Нега сўраяпсан?

– Ўзим. Бирдан эсимга тушиб кетди-да.

Улар кўчага мўралашганда, қуёшнинг заррин нурлари кўзларини қамаштирдилар.

– Кечқурун мен билан бир жойга борасанми? – сўради Хурсандой кўзини офтобдан бекитиб.

– Вой, топишиб олдингларми? Ҳойнаҳой, учрашувгадир-да?

– Бунча топқирсан, – деди Хурсандой, – фақат ҳеч кимга айтма. Асад билан ҳаммасини пишитдик, шу йил тўйимиз.

Райҳон кулиб юборди.

– Исми Асадми?

Хурсандой лабини тишлади, аммо Райҳон шубҳага ўрин қолдирмади:

– Чиройли исм экан, Хурсанд, бахтли бўл.

Қанча койиш, гап-сўзлар бўлмасин, қоронғи тушиши биланоқ Хурсандой ўша куни уйидан қочиб чиқди. У Осиёни ўзига душман деб ҳисобларди, шу билан бирга Райҳонни ҳам эндиликда дугона ўрнида кўрмасди. Қизиғи, Осиё унга қанчалик ёмонлик қилган бўлса, ўзи ҳам Райҳонга шунча ёмонликни раво кўраётганди.

Қишлоқда кўпчилик Осиёнинг гапларини алаҳсирашга йўйди. Хурсандой «ҳеч қанақа йигитни кўрганим йўқ, мен ҳазиллашиб, ундан яшириндим» деб туриб олди. Душман уч қиздан бирими ё жарликдаги йигитми, халқ ғафлатда қолаверди.

Миш-мишлар бошқа қишлоқларга ҳам тарқалган бўлиб, тоғда яшовчи тўқсон ёшли оқ соқолли чол «мен ахтараётган жой ўша ёқда экан» деб йўлга чиқишга қарор қилди.

– Воқеа қайси қишлоқда бўлганини аниқ билмаймиз, – дейишди неваралари. – Уч қиз булоққа сув олишга бориб, жалада қолиб кетганию қандайдир арвоҳ таъқиб қилгани ҳақидаги мишмиш қаердан чиққанини ахтариб зарилми сизга? Бу осонмас.

– Янглишмасам, мен уларни йўлда учратганман, – деди бобо. – Ўшанда учаласи ҳам челакларини кўтариб, сувга кетаётганди…

* * *

Райҳон ҳам уйидан яширинча чиқди. Улар қишлоқ четига яқинлашгач, Райҳонни шубҳа-гумонлар исканжага олди.

– Хурсандой, тағин миш-мишлар рост бўлмасин, – деди чўчиб.

– Келиб-келиб менга эмас, бегоналарга ишонасанми? – деди Хурсандой дугонасининг қўлидан маҳкам тутиб. – Биз уч дугона – учта хонмиз, ҳеч ким енголмайди.

– Қанақа хон?

– Хониммиз демоқчи эдим.

Тез орада қишлоқ ортда қолиб, қабристон тепалиги қорайиб кўринди.

– Нега Асад сени овлоққа чақирди? – сўради Райҳон.

Жарлик лабига яқин қолишган эди. Хурсандой Райҳонни судрай бошлади.

– Беш дақиқа гаплашамиз, кетамиз, – деди у. – Шу ергача келдинг, яна озроқ юр… Ана! Ана! Дугонажон, бунча қўрқасан?! Қичқирма! Сени еб қўймайди!

Райҳон касофат ёқасига келиб қолганини тушунди. Икковиям беихтиёр таққа тўхтади. Оқ шарпа яқинлашиб, одам қиёфаси намоён бўлди.

– Кедингми? – деди йигит мутлақо сўроқ оҳангсиз.

– Талоқ айтинг! – қичқирди Хурсандой. – Айтган қизингизни олиб келдим, энди жавобимни беринг. Истамайман… истамайман сизга хотин бўлишни! Мени тинч қўйинг!

Райҳон:

– Менинг йигитим бор-ку, – дея олди зўрға.

Йигитнинг кўзларида яшил нур жилоланди, чап кўкси қорайди.

– Бери кел, – дея қўл чўзди у Райҳонга қараб.

Хурсандой дугонасининг шарпа томон итариб юборди, кучи етмади шекилли, икки қўллаб ташланди, аммо Райҳон янтоқни чангаллаб қолдию Хурсандойнинг ўзи жарликка қулади…

Даҳшатли қичқириқни қишлоқдагилар ҳам эшитди.

* * *

Тўқсонга кирган бобо оқ эшак устида зўрға ўтирарди. Невараси эса ёнида атрофга қизиқсиниб қараганча катта қадамлар ташлаб лўкиллаб келарди. Улар сўраган қишлоқни кўрсатишган одамлар жанозадан қайтишмоқда эди, чол ва неварасини ҳам марҳуманинг қариндошлари деб ўйлашди.

– Қорнини ёрмабдими? – сўради чол жанозадан бўлаётган хонадонга кираверишда.

Одамлар чолнинг ғалати гапини тушунишмади. Шундан сўнг бобо қайси қишлоқдан нима мақсадда келганини, ким эканлигини ёш-қарига маълум қилди.

– Йўқ, – бош чайқади кўзлари йиғидан қизарган киши, – экспертиза қилдирмадик. Жарликдан йиқилиб тушган. Лекин юзи кўкарган, бўйни шилинган.

Жанозага келаётган аёллар кўчадаёқ дод-фарёд кўтаришди:

– Хурсандой жигарим-а!.. Кечагина ўйнаб-кулиб юрган эдинг-а!

Бошқаси илиб кетди:

– Қандай яхши сингилчамиз бор эди-я!..

– Тўй кўрмай кетди… Чимилдиқ кўрмай кетди-и-и…

Шовқин-суронда чолнинг гапи эшитилмай қолгач, невараси дўриллади:

– Акалар, бобом майитни бир кўрсам деяпти. Қиз ўлмаган бўлиши ҳам мумкин экан. Шокми, шунақа бир ҳолатда ётгандир, чунки… – Йигитча жон-жаҳди билан тушунтира кетди: – …чунки ўша жарликни бобом анча йилдан бери ахтаради, у ер шаҳид жой, Асад деган йигитни бобом билан отаси ўлдириб кетганлар, аниқроғи, бобомнинг отаси отган, бобом ўшанда ёш бола бўлганлар. Яқинда тушига ўлган йигитнинг арвоҳи кириб, «ёш қизларнинг умрига зомин бўламан, бутун авлодни йўлдан ураман» дебди. Бобом айтдиларки, қиз унинг домига тушиб қолган, сиртдан ўликдек кўринаркан…

Дунё кўзига қоронғи бўлган одамлар чолнинг мақсадини тушунишди. Хурсандой жарликка йиқилиш асносида жиддий жароҳат олмаган эди: қўл-оёқлари, боши, бўйни бут эди.

– Балки ростдан ўлмаган бўлиши мумкин, – деди кўзойнакли киши. – Дўхтирларга кўрсатишмабди, экспертиза қилдиришмабди, бобо бекорга гапирмаяпти. Ҳаётда мўъжизадан ҳам кўра, умид ҳаммасидан катта куч.

Чол марҳуманинг юзига тикилди. Хонада одамлар тиқилинч эди, ҳаво димиқиб, бобонинг пешонаси терлади.

– Талоқ! – қўлларини силтади бобо. – Асад сенга талоқ айтаяпти! Энди озодсан!

Айрим аёллар эркакларни секин туртиб, эси оғиб қолган чолни ҳайдаб юбориш кераклигини уқтиришди. Шу онда Хурсандойнинг пешонасида тер томчилари пайдо бўлди, лаблари қимирлади. Одамлар ҳайратдан уйни бошига кўтариб «ў-ў» дедилар. Дарров шифокорга хабар беришди. «Ўлмаганини мен ҳам сезиб тургандим, айтишга иккиланаётгандим», «Дўхтирга айтсам, ўликни ёради, шундан қўрқиб индамагандим», «Танаси иссиқдай туюлганди, бир айтай дедим…» қабилидаги гаплар қулоққа чалинди.

– Қиз йиқилган жарликка мени олиб боринглар, – деди чол.

Одамлар қўли олти, оёғи етти бўлиб авлиё чолнинг буйруғини бажо келтиришди.

– Афсусдаман, – деди невараси ёрдамида эшагидан тушган чол, – отам ўшанда навниҳол йигитни ўлдирди. Мен бола эдим, отамнинг отига мингашиб олгандим. Энди ўйласам, шу атрофларда опам билан ошиқ йигитни қувиб етган эканмиз… «Сен қизимни қаергача олиб қочасан? Кофирлардан ўрганганинг шуми?» – ўшқирди отам милтиғини ўқлаб. Йигит бечоранинг ранги қув ўчган, опам эса отамнинг оёқлари остига ўзини ташлади. «Эртага тўйимиз… ичимда болам бор», деди. Отам биргина гап айтди: «Никоҳ ўқитганми?» Опам нима деб жавоб берганини эшитмадим. Сўнг… милтиқ гумбурлади… «Юртни олдинглар, аммо динни ололмайсанлар, имонни ололмайсанлар», деди отам. Менимча, Асад қизил аскарларга қўшилиб кетгани учун отам аввалдан ёмон кўрарди. Отам бой одам бўлган... ерли, сувли, минг қўйли…

Чол дуо ўқий бошлагач, бутун олам сукунатга чўмди.

– Хурсандой, – деди чол ахийри, – у сенга ортиқ чанг сололмайди, озодсан. Сенга никоҳ ўқитмоқчи эди, аммо ўзига никоҳ эмас, жаноза ўқилиши кераклигини тушунмади. Бечора бир ҳовуч тупроққа айланиб кетди. Қачонлардир сен ҳам бир ҳовуч хок бўлгунча ҳали анча вақт бор. Бир ажойиб қиз бўл. Ҳеч қачон дугоналарингни сотма, қишлоғингга хиёнат қилма. Номусу иймонингга маҳкам бўл. Ўша куни ҳам айтганман, сувни аввало қишлоқдан топа билиш керак… – Сўнгра атрофдагиларга қаради. – Бу гапни учала қизга ҳам етказиб қўйинглар. Қолаверса, ҳаммага тааллуқли.

Шунча одамнинг ҳузурида яна бир маросим адо этилди. Асадга жаноза ўқилиб, қабрига тупроқ ташлаган каби жарликка бир ҳовучдан хок сепилди.

Бобо яна дуога қўл очди:

– Юртда ҳалол тўйлар бўлсин, ҳаром тўй ҳеч биримизга керакмас. Топган-тутганимиз фақат ҳалол тўйларга буюрсин, ҳаром тўйларга эмас.

Хурсандойнинг уйида эса тирилган қизни қуршаб олган хотинлар «бугун тўй… тўй…» деб ҳайқира бошладилар.

…Яшин тушган тол тагида ўша кеча қандайдир шарпалар безовта чарх уришди. Агар кимгадир бу шарпаларни кўриш насиб этганида, айримларини танирдилар. Ҳеч бўлмаса, қизил латтаси уларнинг кимлигини ошкор этарди.

Ёмғир эса тарихдан йўқолиб кетмайди. У сойларни қутуртириб, сўқмоқларни лойга белаши табиат қонуни каби рўй берадиган ҳодиса. Шундай экан, ақлни ишлатинг. Хурсандой каби ҳаётга қайтмоқ яна бир марта, яна кимгадир насиб этишига ҳеч қачон ишонманг. Рамзийлик ортидаги тарихнинг хулосаси шудир.

Азамат ҚОРЖОВОВ

Manba: www.BePuL.NeT -Saytdan olindi.

Ushbu ma'lumot dan olindi!


Категория: HIKOYALAR / ХИКОЯЛАР | Ko'rganlar:: 119 | Добавил: www.BePuL.NeT | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Izohni foydalanuvchilar qo'sha oladi. Marhamat ro'yhatdan o'ting yoki saytga o'z loginingiz bilan kiring. / Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.

Регистрация
SAYTGA KIRISH
Логин:
Пароль:
MALUMOT IZLASH

-------


Yangi Musiqalar:

Корзина
Ваша корзина пуста
FOYDALI MASLAHATLA











Мини-чат
BEPUL REKLAMA

>>> REKLAMA QO'SHISH
YANGI KINO FILMLAR










Календарь
«  Июнь 2017  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
2627282930
Архив записей
Мини-чат
1) O`ZINGIZDAN OLDINGI USERGA NOM BERING (117)
2) ♣♣♣MAN MEN MAN♣♣♣ (107)
3) O'zizdan keyingi userni aniqlang (76)
4) FLOODXONA (64)
5) O'zingizdan oldingi forumdoshni qoillatib maqteng (58)
6) SO'NGI ISHTIROKCHINI SEVIB QOLISHIZ MUMKUNMI (56)
7) ♥♥♥♥ LOVE ♥♥♥♥ (47)
8) Yoshlar Parki (46)
9) =¤=AYNI DAMDA=¤= (44)
10) »»inte®netchasiga yozamiz«« (44)
Друзья сайта
1) www.SheJoT.CoM - Universal PortaL
2)
 www.Zamonaviy.CoM - Zamon bilan hamnafas!

 www.UzbKino.NeT - O'zbek kinolari va Dunyo kinolar olami!
3) Musiqalar olami - Eng yangi va qaynoq qo'shiqlar olami
4) www.SherlarUz.CoM - SMS Sherlar, Sevgi, Do'stlik va h.k
5) www.Turk-Film.com - Turk va horij kino filmlari olami

Copyright BePuL.NeT / БеПуЛ.НеТ © 2017 - 2013

Яндекс.Метрика