2017 йилнинг 13 июль куни соат 09:29да Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани «Шарқ юлдузи» ҚФЙ "Қизилқиёқ" МФЙ «Боғ» кўчаси 2 уй ҳожатхонасида оғир газдан захарланиш содир бўлган. Ушбу хонадонда яшовчи фуқаро Г.Мусабоева Samsung Galaxy J7 уяли телефонини ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида хонадонидаги ҳожатхонага тушириб юборган, деб хабар беради Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.
Шу куни соат 10.00ларда фуқаро Г.Мусабоева томонидан ёлланган ишчилар А.Қирғизбоев ва О.Мурзалиевлар телефон воситасини олиб чиқиш учун бирин-кетин ҳожатхона тубига нарвон ёрдамида тушишган ва оғир газдан заҳарланиб, ҳушдан кетишган. Шундан сўнг, фуқаро Г.Мусабоева ёлланма ишчиларни қутқариш учун Янгиқўрғон туманидаги Қизилқиёқ ҚВПдан шифокор Қ.Ирисбоевни чақиртирган. Шифокор Қ.Ирисбоев ёлланма ишчиларни қутқариб олиш учун ҳожатхона тубига тушаётиб заҳарланиб, ҳушидан кетган.
Наманган вилояти ФВБ Қутқарув отряди қутқарувчилари келиб тушган хабардан сўнг қисқа муддат ичида воқеа жойига бориб вафот этганларни ҳожатхона тубидан олиб чиқишган.
Фуқаролар А.Қирғизбоев ва О.Мурзалиевлар воқеа жойида фуқаро Қ.Ирисбоев эса шифохонага олиб кетилаётган вақтда вафот этган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тегишли хизматлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.